Клуб

Танишинг: "Истиқлол" (Душанбе, Тожикистон)

“Истиқлол” футбол клуби 2007 йилда ташкил этилган. Жамоа Душанбе шаҳридаги “Марказий” стадионда уй учрашувларини ўтказади. Стадион сиғими - 22 000. Клуб Президенти — Шоҳрух Саидзода. Бош мураббий – Ҳаким Фузайлов.
“Истиқлол” жамоасининг Тожикистон чемпионатидаги натижаларига тўхталадиган бўлсак, душанбеликлар 2008 йилги мавсумда Тожикистон чемпионати 1-лигасида иштирок этиб, дебют мавсумдаёқ олий лигага йўлланма олишган. Эътиборлиси Қаноат Латифов бош мураббийлигида жамоа 1-лигада ўтказилган 35 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган.
2009 йил “Истиқлол” Тожикистон олий лигасида янги мураббий Салоҳиддин Ғофуров бошчилигида ўз иштирокини бошлади. Жамоа ўз таркибини асосан мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида тобланган футболчилар орқали шакллантира бошлади. Пойтахтликларнинг дебют мавсуми қониқарли бўлди. “Истиқлол” ўтказилган 18 ўйинда 36 очко тўплаб 4-поғонани банд этди.
2010 йил “Истиқлол” ҳар жабҳада катта натижаларга эришиб, Тожикистон чемпиони ва кубок соҳиби, шунингдек Суперкубок учрашувида ҳам зафар қучди. Бу мавсумда жамоани дастлаб Салоҳиддин Ғофуров бошқарган бўлса, иккинчи даврадан сўнг унинг ўрнини Олимжон Рафиков эгаллади. Гарчи “Истиқлол” биринчи даврада натижа борасида бироз оқсаган бўлсада, чемпионатни мағлубиятсиз якунлади. Жамоа 32 ўйиннинг 26тасида ғалаба қозонди ва 6 учрашувда дуранг қайд этди.
2011 йилда “Истиқлол” ўз ҳисобига навбатдаги совринларни қўшиб қўйишда давом этди. Жамоа чемпионат ва кубок баҳсларида барча рақибларини ортда қолдирди.
2012 йилги мавсумни жамоа серибиялик мутахассис Никола Кавазович бош мураббийлигида бошлади. Жамоа мавсумни учинчи марта Суперкубокни ютиш билан бошлади. Кубок баҳсларида финалга қадар етиб борган пойтахтликлар, чемпионатни 3-поғонада якунлашди. Кубок ва чемпионатда зафар қозонилмаган бўлсада, жамоа ўз тарихида илк маротаба халқаро мусобақа ғолиблигини тантана қилди. “Истиқлол” ОФК Президенти кубоги турнири ғолиби бўлди.
2013 йилги мавсумни ҳам “Истиқлол” кўтаринки кайфиятда бошлади. Дастлабки 9 учрашувнинг 8тасида ғалаба қозонилди. Кўлоб шаҳрида “Равшан” жамоасига имконият бой берилди. Бу мағлубият сербиялик мутахассисга чиқиш эшикларини кўрсатилишига сабаб бўлди. Мавсумни қолган қисмида жамоани Тожикистон футболининг ёрқин намоёндаларидан бири бўлган Олег Ширинбеков бошқарадиган бўлди. Йил якунида “Истиқлол” ўз ҳисобига чемпионат кумуш медалларини ёздириб қўйди. Шу билан бирга жамоа кубок соҳибига айланди. 
2014 йилни жамоа яна янги мураббий билан бошлади. Ширинбеков ўрнини маҳаллий мутахассис Мубин Эргашев эгаллади. Бу мавсумда жамоа яна пешқадамликни мустаҳкамлади. “Истиклол” чемпионат, кубок ва суперкубокда мутлақ ғолиб бўлди.
2015 йил “Истиқлол” илк маротаба ОФК кубоги мусобақасида иштирок этди. Дастлабки натижа ёмон бўлмади. Жамоа турнир финалига қадар етиб борди. Ички чемпионатда бу жамоага рақиб деярли топилмади. Бу гал ҳам жамоа ҳар уч йўналишда ғолиб бўлди.
2016 йилги мавсумда “Истиқлол” ОФК кубогида гуруҳдан чиқа олмади. Бу эса жамоада яна бош мураббий ўзгаришига сабаб бўлди. Биринчи давра якунлангач жамоага Нўмонжон Юсупов бош мураббий вазифасини бажара бошлади. Жамоа бу мавсумда ҳам барча совринларни ўзиники қилиб олди. Октябрь ойининг сўнгги кунида жамоа бош мураббийлигига таниқли мутахассис Муҳсин Муҳаммадиев таклиф этилди.
2017 йил жамоа ўз тарихида иккинчи марта ОФК кубоги финалига қадар етиб борди. Мамлакат чемпионлигини 7-марта нишонлаган жамоа кубок баҳсларида финалда имкониятни бой беришди.
2018 йилги мавсумда жамоа бошқарувида яна ўзгариш амалга оширилди. ОФК кубогида гуруҳ босқичида қолиб кетиши Муҳсин Муҳаммадиевни ишдан кетишига сабаб бўлди. Унинг ўрнини вақтинча Алишер Тўхтаев эгаллади. Жамоа ўз анъанасини давом эттирган ҳолда мавсумни чемпион ва кубок соҳиби сифатида якунлади.
Янги мавсумда жамоа ўз тарихида илк маротаба Осиё Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида иштирок этади. Жамоани айни вақтда ўзбекистонлик футбол мухлисларига яхши таниш Ҳаким Фузайлов бошқармоқда. Ҳаким Қаюмович 2018 йилнинг 3 декабрь куни “Истиқлол” бош мураббийи этиб тайинланган.