Клуб

Танишинг: Рақибимиз – “Ал-Насср” (Ар-Риёд, Саудия Арабистони)

«Ал-Насср» футбол клуби Саудия Арабистони пойтахт жамоаларидан бири ҳисобланади. 1955 йилда ташкил этилган клуб, уй учрашувларини 70000 мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган Қирол Фаҳд стадионида ўтказади. Шунингдек, жамоа учун 27000 мухлисга мўлжалланган Шаҳзода Файсал бин Фаҳад стадиони ҳам хизмат кўрсатади. ОФКдан келган хабарга кўра, мезбонлар АГМК жамоамизга қарши учрашувни шу 27000 мухлис сиғадиган аренада ўтказишни режалаштирган. 
“Ал-Насср” ўз тарихида 7 марта чемпион бўлган (1979/80, 1980/81, 1988/89, 1993/94, 1994/95, 2013/14, 2014/15), 7 марта Қирол кубогида зафар қучган (1972/73, 1973/74, 1975/76, 1980/81, 1985/86, 1986/87, 1989/90), 3 марта Шаҳзода кубогида ғолиб бўлган (1972/73, 1973/74, 2013/14) ва 3 марта Саудия Арабистони футбол федерацияси кубоги (1975/76, 1997/98, 2007/08) соҳиби бўлган. Халқаро майдонда Осиё Кубок эгалари кубогини (1998), Осиё Суперкубогини (1998), Дамашқ халқаро кубогини (2004) ва икки марта Форс кўрфази чемпиони бўлган.