Старт дерби орқали бошланади: АГМК - "Металлург" (превью)

2020 йилги футбол мавсуми АГМК учун азалий рақиб саналган Бекободнинг "Металлург" жамоасига қарши ўйин орқали бошланади.

Суперлиганинг илк турида "Металлург" Олмалиқда АГМК меҳмонига айланади.
Бу тўқнашув жамоаларнинг чемпионат доирасидаги ўзаро 25-беллашуви бўлади. Тошкент вилояти дербисида АГМК ва "Металлург" чемпионат доирасида 24 маротаба тўқнаш келган. Ўтказилган учрашувларда 11 ғалаба АГМК ҳисобига, 11 ютуқ "Металлург" номига ёзилган. Қолган 2 беллашувда эса ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати 46-45, АГМК фойдасига.

Шунингдек, Тошкент вилояти вакиллари Ўзбекистон Кубогида ҳам ўзаро дуч келишган ва унда устунлик бекободликлар тарафида - 2 ғалаба.

Лига Кубоги мусобақасида ҳам ўзаро тўқнаш келган мазкур жамоаларнинг кўрсаткичида АГМКда устунлик мавжуд. Ўтган йили ўтказилган мусобақанинг гуруҳ босқичида томонлар муроса кўчасини танлашган бўлса, чорак финалда Зафар Полвоновнинг голи жамоамизга ғалаба келтирганди.

Умумий ҳисоб-китобга кўра, АГМК ва "Металлург" барча мусобақаларда жами 28 маротаба тўқнаш келган ва унда АГМК 12 ғалаба, "Металлург" 13 ғалаба ва қолган 3 беллашувда дуранг натижаси қайд этилган.

Суперлиганинг 1-тури доирасидаги АГМКнинг эҳтимолий ғалабаси жамоамизга ушбу қарама-қаршиликнинг чемпионат тарихидаги кўрсаткичини яхшилайди ва ғалабалар сони бўйича "Металлург"дан узиб кетиш имкониятини беради. Шунингдек, эҳтимолий ғалаба барча мусобақалардаги умумий кўрсаткич бўйича ҳисоб-китобни тенглаштиради.

Мавзуга оид бошқа хабарлар