"Бунёдкор" билан ўйинда мавсумдаги илк ва миллий чемпионат тарихидаги 120-ғалаба нишонланди

Суперлиганинг 3-турида АГМК Олмалиқда "Бунёдкор"ни қабул қилди.

Мазкур ўйин АГМК - "Бунёдкор" қарама-қаршилигидаги 32-ўйин, Қосимов ва Абрамовнинг эса саккизинчи тўқнашувига айланди. Учрашув олдидан жамоамиз таркибда қатор йўқотишларга дуч келганди. Жароҳатлари туфайли Мате Ватсадзе ва Элгужа Григалашвили АГМКга ёрдам беролмаган бўлса, Йован Жокич дисквалификация сабабли учрашувни ўтказиб юборди. Шунга қарамай Миржалол Қосимов таркиб танлашда йўқотишлар ўрнини муносиб тўлдира олди. Жокич ўрнига таянч нуқтага Жўраев масъул бўлган бўлса, Григалашвили ўрнини Мурод Тошматов тўлдирди. Мате Ватсадзенинг ҳужумдаги ўрни эса Зафар Полвонов эвазига қопланди.

Натижада "Бунёдкор"га қарши ўйинда қўйилган таркиб беллашувнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб рақибга фаол ва кескин футбол таклиф қилди. Учрашувда тўлиқ устунлик ва марказда ҳукмронлик ўрнатилди. Бунинг натижасида дастлабки 25 дақиқаликда қатор ҳужумлар содир этилди. Шуларнинг бири, яъни 19-дақиқада самара келтирди. Акмал Шораҳмедовнинг узатмасидан кейин қанотдан марказга қараб юриш қилган Мурод Тошматов чамаси 18 метрлар масофадан дарвозанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олиб, ажойиб гол муаллифига айланди - 1:0.

Танаффусга қадар эса жамоада ҳисобдаги устунликни янада мустаҳкамлаш учун имкониятлар вужудга келди. Бироқ Қосимов ва Жўраевнинг зарбаларига бироз аниқлик етишмади. Биринчи бўлимда эса дарвозамиз олдидан чинакам хавфли вазият вужудга келмади.

Иккинчи бўлимдан ҳисобдан келиб чиқиб рақиб ўйин тизгинини қўлга олишга ва кўпроқ ҳужумга боришга интилди. Лекин Раҳмонов ва Зоничнинг марказда ишончли ва мустаҳкам ўйини "Бунёдкор"нинг қатор ҳужумлари узилиб қолишини таъминлади.

Иккинчи таймда Миржалол Қосимов 3та ўзгаришни амалга оширди. Дастлаб Эркин Байдуллаев марказга, кейинчалик Хожимат Эркинов ва Арслонмират Аманов иккала қанотга қўйилди. Натижада марказдаги куч янгилаб олинди ва қанотлар янада тезлатилди. Бу эса ўз самарасини берди. Учрашув тугашига 4 дақиқа қолганида рақибни марказда кутиб олган жамоамиз Хожимат Эркиновнинг фаоллиги эвазига тўпни олиб қўйди ва бир уринишда Баҳром Абдураҳимов Эркинов томон тўпни узатди. Хожимат Эркинов эса йўл-йўлакай Ислом Қобилов ҳамда Санжар Қодирқуловни ортда қолдириб, дарвозабон Абдумавлон Абдужалиловни ҳам алдаб, бўш қолган дарвозага тўпни юмалатиб қўйди ва учрашувда якуний ҳисобни ўрнатди - 2:0.

Бу эса АГМКга мавсумдаги илк ғалаба, қимматли 3 очко ва Ўзбекистон миллий чемпионатлари тарихидаги 120-ғалабани тақдим этди.  Миржалол Қосимов эса Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоаларни умумий ҳисобда 7-маротаба мағлуб этди ва ўзаро қарама-қаршиликда жуда катта устунликка эга бўлди.

 

Суперлига, 3-тур

13 март, жума

АГМК – "Бунёдкор" 2:0

Олмалиқ шаҳри, ОКМК спорт мажмуаси. 3200 томошабин.

Ҳакамлар: Вадим Агишев, Абдуҳамидилло Расулов, Олим Абдувосилов, Ҳусан Музаффаров
Назоратчи: Сайфиддин Ирматов
Комиссар: Диёр Имомхўжаев

Голлар: Мурод Тошматов (19, ассист: Шораҳмедов), Хожимат Эркинов (86, ассист: Абдураҳимов).

АГМК — 32.Суҳроб Султонов - 2.Акмал Шораҳмедов, 88.Игорь Зонич, 3.Сардор Раҳмонов, 31.Сайдулло Раҳматов - 5.Дилшод Жўраев, 4.Миржамол Қосимов (6.Эркин Байдуллаев, 65), 18.Баҳром Абдураҳимов - 17.Санжар Турсунов (8.Хожимат Эркинов, 66), 9.Зафар Полвонов, 11.Мурод Тошматов (77.Арслонмират Аманов, 83).

Захира: 35.Валижон Раҳимов, 7.Элгужа Григалашвили, 10.Шаҳзод Нурматов, 20.Мирғиёс Сулаймонов, 30.Жасур Умаров, 44.Бобур Йўлдошев.

“Бунёдкор” — 1.Абдумавлон Абдужалилов, 3.Ислом Қобилов, 6.Анвар Ғофуров, 7.Дилшод Аҳмадалиев, 8.Жасур Жалолиддинов, 13.Лутфулла Тўраев, 14.Миржаҳон Мираҳмадов (24.Баҳодир Пардаев, 59), 17.Санжар Қодирқулов, 19.Нурилло Тўхтасинов, 34.Суҳроб Иззатов (30.Абдулла Абдуллаев, 87), 92.Ҳумоюн Муртазоев (49.Фарруҳ Икромов, 57). 

Захира: 71.Сарвар Каримов, 4.Даврон Эргашев, 11.Расул Йўлдошев, 20.Владислав Нуриев, 21.ҒуломҲайдар Гулямов, 37.Муҳаммадодил Қаҳрамонов.

Огоҳлантиришлар: Абдураҳимов (35), Шораҳмедов (57) - Қобилов (59), Жалолиддинов (63)

Мавзуга оид бошқа хабарлар