Бошқа янгиликлар

Футзалчиларимиз мавсумни ғалаба билан бошлашди

Бугун футзал жамоамиз 2019 йилги футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати илк турида Тошкентнинг "Локомотив" жамоасига қарши баҳс юритди.
Амалдаги чемпион АГМК жорий мавсум олдидан ўз таркибини ёш иқтидорли футзалчилар билан бойитиб олди. Жамоа таркибида кўп йиллар фаолият юритган Жавлон Аноров, Константин Свиридов, Жамолиддин Шарипов, Фарҳод Абдумавлонов, Сарвар Шоаҳмедов ва Шуҳрат Тожибоевлар тарк этишди. Бу футзалчиларнинг барчаси жамоамизга бугун рақиблик қилган "Локомотив" жамоасида фаолиятларини давом эттиришмоқда. Шунингдек, ўзбек футзал мактабида катта тажрибага эга бўлган Артур Юнусов ва Нодир Элибоевлар ҳам темирйўлчилар сафидан жой олишган.
Ўз-ўзидан бу учрашув катта тажрибага футзалчилар ва уларга издош бўлиб келаётган ёшлар ўртасидаги рақобатни ўз ичига олди. Тўғри АГМК жамоасида иқтидорли ёшлар билан бир қаторда етарли тажрибага эга Рустам Умаров, Даврон Абдураҳмонов, Машраб Одилов, Даврон Валижонов, Исломбек Битўраев сингари футзалчилар ҳам бор.
Бевосита учрашувга тўхталадиган бўлсак, дастлабки 20 дақиқалик тенг курашлар остида ўтди. Хавфли вазиятлар вужудга келтирилган бўлсада, дарвозаларни ишғол этиш имкони бўлмади.
Иккинчи таймни "Локомотив" вакиллари катта шижоат ва тезликда бошлашди. Бу 26-дақиқада Жавлон Аноровнинг голи билан якун топди. Ҳисобда ортда қолаётган бўлсада, АГМК футзалчилари хотиржамликни йўқотишмади, аксинча бирин-кетин рақиб дарвозасига хавф сола бошлашди. Ўйиннинг 29-дақиқасида рақиб посбони футзалчимизга нисбатан қўпол ўйин намойиш этди. Белгиланган пенальтини Даврон Абдураҳмонов голга айлантириб ҳисобни тенглаштирди.
Орадан 6 дақиқа ўтиб Ихтиёр Ропиев жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 38-дақиқада эса Жамолиддин Шарипов ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Якуний ҳисоб 3:1 жамоамиз фойдасига.

Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати 2019.
4 апрель. Тошкент шаҳри. "Ўзбекистон" спорт мажмуаси.
"Локомотив" - АГМК 1:3 (0:0)
Голлар: Жавлон Аноров, 26 - Даврон Абдураҳмонов, 29-пен., Ихтиёр Ропиев, 35, Жамолиддин Шарипов, 38-ўз дарвозасига.
Огоҳлантиришлар: Жамолиддин Шарипов, 29, Артур Юнусов, 29 - Анасхон Раҳматов, 17, Даврон Валижонов, 26, Машраб Одилов, 28, Темур Бердиев, 31.