Бошқа янгиликлар

Янги футболчиларнинг таништирув маросими ўтказилди

Жамоамиз сафини тўлдирган таянч ярим ҳимоячиси Эркин Байдуллаев, грузиялик ҳужумкор вингер Элгужа Григалашвили, беларуслик ҳимоячи Владислав Касминин ҳамда черногориялик мудофаа чизиғи вакили Игорь Зоничнинг АГМКга ўтганига бағишланган расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди.

АГМК клуби бош менежери Мухтор Қурбонов жамоа қароргоҳида ёзги трансфер ойнасида жамоага келиб қўшилган ва трансфер қилинган футболчиларга либосларни тақдим этиб, уларнинг фаолиятига омад тилади.

Эркин Байдуллаев АГМК таркибида 3-рақамда ўйнашни маъқул кўрди. Элгужа Григалашвили эса бўш турган 7-рақамни танлади. Марказий ҳимоячилар Владислав Касминин 77-рақамни олган бўлса, Игорь Зонич 88-рақамда ўйнашга қарор қилди.

Шу тариқа АГМК таркибига келиб қўшилган янги футболчилар жамоага расман таништирилди. Умид қиламизки, мазкур футболчилар АГМК сафида ёрқин ўйин кўрсатиб, жамоамиз ғалабаларида ўз ҳиссаларини қўшишади.


Клуб бош менежери Мухтор Қурбонов жамоанинг ёзги трансфер кампанияси ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

— Чемпионат аввалида медалларни қўлга киритишни мақсад қилгандик. Бироқ биринчи даврада баъзи ўйинларда омад биздан юз ўгирди, футболдаги фарт биз томонда бўлмади. Ўйин тарафлама жамоамиз яхши кўринди. Буни таҳлилий статистик маълумотлар орқали ҳам билса бўлади. Фақатгина натижа борасида бироз оқсадик. Ўйиндаги кичик эпизодлар кўплаб баҳсларда беллашув тақдирини ҳал этиб кетди. Ёзги трансфер кампанияси яхши бўлди. Байдуллаевнинг тажрибаси, Григалашвилининг иқтидори, Касминин ва Зоничнинг ҳимоядаги мустаҳкам ўйини бизга биринчи даврада етишмаган жиҳатни тўлдиради деб ўйлайман. Жамоа машғулотларини кузатдим, янги футболчилар коллективга киришиб кетишган. Бу жиҳат одамни қувонтиради. Биринчи даврада йўқотилган очколар ўрнини иккинчи даврада қоплаб, олдимизга қўйилган юқори мақсадлар сари интиламиз, — деди Мухтор Қурбонов.