Coca Cola Суперлига

АГМК тайёргарликни Қибрайда олиб бормоқда

Давралар оралиғида юзага келган таътилдан қайтган футболчилар чемпионатнинг иккинчи қисмига тайёргарлик босқичини Қибрайдаги стадионда кўтаринки руҳда давом эттирмоқда.

Кунига икки маҳалдан олиб борилаётган машғулотларда мураббийлар штаби кўпроқ футболчиларнинг жисмоний ҳолатини керакли даражага олиб чиқишга эътибор қаратишмоқда. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмидаги машғулотларда жамоа тактик жиҳатлар устида ишламоқда.

АГМК жамоаси таркибидаги янгиларларга тўхталадиган бўлсак, мавсум аввалида келган болқонлик ярим ҳимоячи Миролюб Костич ва Марко Зочевич билан клубимиз дўстона хайрлашди. Шу ўринда уларнинг келгуси фаолиятида омад тилаб қоламиз.

Айни пайтда эса АГМК машғулотларида Суперлиганинг биринчи даврасини "Қизилқум"да ўтказган таянч ярим ҳимоячиси Эркин Байдуллаев ҳамда грузиялик қанот вингери Элгужа Григалашвили ва ўтган икки мавсум давомида клубимиз шарафини ҳимоя қилган ва ортга қайтарилган Владислав Касминин иштирок этишмоқда. Тез орада клубимиз мазкур футболчилар билан расман шартнома имзолайди.

Шунингдек, йиғинда черногориялик ҳимоячи Игорь Зонич кўрикдан ўтмоқда. Агарда ушбу футболчининг ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келса, унда Зоничга шартнома таклиф этилади.

Қайд этиш керакки, куни кеча жамоамиз футболчилари ЎФА Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими томонидан ўтказилган 30 метрга югуриш, узунликга сакраш, 7х50 метрга югуриш сингари норматив тестларни  топширди.

Суперлиганинг иккинчи даврасига тайёргарлик доирасида жамоамиз 18 июль куни Тошкентдаги "Жар" ўйингоҳида "Бухоро" билан назорат учрашувини ўтказади. Мазкур баҳс соат 20:00да старт олади.