Coca Cola Суперлига

АГМК танлови — ҳалол ўйин ёхуд Бекободдаги учрашув шарҳи

Мазкур жамоаларнинг биринчи даврадаги Олмалиқда кечган беллашувида ғолиб номи аниқланмаганди. Бекободдаги жавоб баҳсида эса ўйин тақдири кутилмаган қарорлар туфайли тубдан ўзгариб кетди.

Учрашувга келадиган бўлсак, биринчи бўлимда мезбонлар нисбатан фаолроқ ўйнашди ва асосан стандарт вазиятлари орқали дарвозамиз олдида хавф солишди. Жамоамиз эса танаффусга қадар иккита яхши ва кескин ҳужум ташкил этишга эришди. Бироқ Жасур Ҳакимов бир вазиятда мўлжални аниқ кўзлай олмаган бўлса, Григалашвили жонбозлиги туфайли содир этилган ҳужумни Шораҳмедов кўнгилдагидек ривожлантира олмади ва ҳужум ниҳоясига етмай қолди.

"Металлург" эса учрашувнинг 31-дақиқасида ишланган жарима зарбасидан наф чиқарди. Ислом Исоқжоновнинг оширган тўпини чизиқ устидан Аббос Отахонов марказда турган жамоадоши Шавкат Муллажонов томон узатди. "Металлург"нинг тажрибали ҳимоячиси Муллажонов эса Султоновнинг тўпга чиққани, лекин мазкур ҳолатда дарвозабон хатога йўл қўйиши натижасида бўш қолган дарвозани ортиқча қийинчилик ишғол этди - 1:0.

Шундан сўнг вакилларимиз анча фаоллашишди, бироқ танаффусга қадар мувозанатни тиклашнинг имкони бўлмади.

Иккинчи таймни эса АГМК захира ўзгариши билан бошлади. Қосимов томонидан ўйинга ташланган Зафар Полвонов Жасур Ҳакимовни алмаштирди. Бунинг натижасида иккинчи бўлим жамоамиз ташаббуси ва устунлиги остида ўтди. Хусусан учрашувнинг 65-дақиқасида Санъат Шихов ва Шораҳмедовнинг ўнг қанотдаги фаоллиги самара келтирди. Шихов ўз қанотида ҳимоячи Андреевни доғда қолдирган бўлса, Шораҳмедов керак пайтда тўпни жарима майдончаси томон оширди. Рақиб дарвозаси ҳудуди атрофида турган тўпурар ҳужумчимиз Зафар Полвонов эса тўпга тўғри зарба бериш натижасида баҳсда мувозанатни тиклади - 1:1.

Шундан сўнг жамоамиз ҳужумга зўр берди. Хусусан учрашувнинг 71-дақиқасида Шиховнинг рақиб дарвозаси томон бошлаган юришини ҳимоячи Аббос Отахонов қоидани бузган равишда тўхтатиб қолди. Бироқ шу куни ўйинда ҳакамлик қилган Шавкат Насибуллаев яққол қоидабузарликни кўрмади.

Орадан 4 дақиқа ўтгач эса Насибуллаев жамоамиз жарима майдончаси ичида йиқилиб берган Исоқжоновнинг санъатига ишонди. Натижада ҳеч қандай контакт бўлмаган тўқнашувда Бобур Юлдошев қоида бузгани қайд этилиб, дарвозамиз томон "нуқта", яъни 11-метрлик жарима зарбаси белгиланди.

"Нуқта"дан эса рақиб ҳужумчиси Баҳодир Пардаев адашмади. Гарчи дарвозабонимиз Султонов тўп йўналишини топган бўлсада зарба йўлига гов бўлмади.

Бош ҳакам Шавкат Насибуллаевнинг қарорларига ҳақли эътироз билдирган жамоамиз устози Миржалол Қосимов янги қоидага кўра бошланган иккинчи давранинг дастлабки ўйинидаёқ қизил карточкага лойиқ кўрилди.

Шундан кейин ҳам жамоамизда мувозанатни қайта тиклаш учун имконият ва вазиятлар туғилди. Бироқ Элгужа Григалашвилининг зарбаси бир бор тўсинга теккан бўлса, иккинчи вазиятда дарвозабон ишончли ўйнади.

Шу тариқа Суперлиганинг иккинчи даврасидаги илк учрашувда жамоамиз Бекободда мағлубиятга учради. Шавкат Насибуллаев эса Санъатнинг йиқилишига ишонмай, рақиб футболчисининг санъатига алданди. Натижада унинг мазкур хато қарорлари жамоамиз зарарига ишлади.

Мазкур ўйиндаги мағлубиятдан кейин жамоамиз турнир жадвалида 12 очко тўплаган ҳолда 11-ўринни банд этиб турибди. Келгуси турда жамоамиз Олмалиқда "Андижон"ни меҳмон қилади.

Жорий ҳафтада "Ҳалол ўйин" шиори остида ўтказилаётган акция трендга чиқди. АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ва жамоа сардори Акмал Шораҳмедов суратга тушган мазкур "Ҳалол ўйин" шиорли акцияни АГМК футбол клуби тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бизнинг танлов шубҳасиз ҳалол ўйин. АГМК ҳалол ўйин тарафдори ва бошқаларни ҳам мазкур шиорга амал қилишини талаб қилади.

АГМК танлови - Ҳалол ўйин!



Суперлига, 14-тур.
"Металлург" — АГМК 2:1
27 июль, "Металлург" стадиони.
Голлар: Муллажонов (31, ассист: Отахонов), Пардаев (78, пенальтидан) - Полвонов (64, ассист: Шораҳмедов).
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Равиль Шояхмитов, Тимур Галеев, И. Исмоилов.
Назоратчи: Константин Смирнов

“Металлург”: 12. Александр Лобанов, 5. Аббос Отахонов, 7. Суҳроб Нуруллоев (15. Зоҳид Абдуллаев, 66), 10. Исломбек Исоқжонов (30. Андрей Шипилов, 90+2), 11.Баҳром Абдураҳимов (70. Сергей Тумасян, 90), 17.Музаффар Музаффаров, 18.Шавкатжон Муллажонов, 21.Камолиддин Тожиев, 28.Станислав Андреев, 55.Акбаржон Исматуллаев (с), 85. Баҳодир Пардаев.

АГМК: 32.Суҳроб Султонов - 33.Сардор Рахмонов, 77.Владислав Касминин, 44.Бобур Юлдошев, 23. Акмал Шораҳмедов (сардор) - 5.Дилшод Жўраев, 8.Санъат Шихов (Мирғиёс Сулаймонов, 86), 30.Жасур Умаров - 7.Элгужа Григалашвили, 15.Жасур Ҳакимов (9.Зафар Полвонов), 11.Зоҳир Пиримов (17.Мурод Тошматов, 57).

Огоҳлантиришлар: Музаффар Музаффаров (78), Исломбек Исоқжонов (83) - Дилшод Жўраев (76)
Четлатиш: Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи, 76)