Ўринбосарлар

Жамоамиз ОКМК заводлари иш жараёнида

Бугун АГМК футбол жамоамиз асосий таркиби ва мураббийлар штаби жамоа бош ҳомийси Олмалиқ Кон-Металлургия Комбинатига қарашли Руҳни қайта ишлаш заводи, Мис бойитиш фабрикаси ва Мис эритиш заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этишди.


Иштирок давомида комбинат ишчи ходимларининг иш фаолияти билан яқиндан танишишди. Якунда Мис бойитиш фабрикаси мажлислар залида АГМК жамоаси мухлислари ҳамда ОКМК АЖ раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Олмалиқ Кон-Металлургия Комбинати бошқарув раиси Абдулла Холмурадович Хурсанов учрашувни кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда ОКМК томонидан амалга оширилаётган ишлар, комбинат ишчи-ходимлари учун яратилаётган шароитлар борасида сўз юритди. Шунингдек, ОКМКнинг келажакдаги режалари ҳақида маълумот бериб ўтди.



Шундан сўнг, учрашув қатнашчиларига АГМК футболчилари ва мураббийлар штаби таништириб ўтилди. АГМК жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов сўз олиб, ОКМК раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган шароит учун ташаккур изҳор этди ва ҳозирги турнир жадвалидаги ҳолат вақтинчалик эканлигини, жамоа тез орада ижобий натижалар қайд этишига ваъда берди.



Учрашув савол-жавоблар билан давом этди. Комбинат ишчилари ўзлари қизиқтирган саволларига жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовдан жавоб олишди. Тадбир якунида ОКМК раҳбарияти футболчилардан фаолроқ бўлишни ва мавсумнинг қолган учрашувларида кўп минг сонли Олмалиқ аҳлини, хусусан 36 мингдан зиёд ОКМК ишчи-ходимларини хурсанд этишга чақирди.

Шунингдек, жамоа аъзолари Олмалиқ шаҳрида қайта реконструкция қилинган "Металлург" маданият саройида ҳам бўлишди.